воскресенье, 5 мая 2019 г.

Жасоратли замондошимиз Нўъмон Маҳмудов – 70 ёшда



 Шу кунларда  Самарқанд зиёлиларидан бири, таниқли тарихчи  ва музейшунос олим  Нўъмон Усмонович Маҳмудов 70 ёшни қаршиламоқда.  У турли раҳбарлик лавозимларда фаолият олиб борди. 16 йил давомида Самарқанд давлат бирлашган тарихий-меъморчилик ва бадиий музей-қўриқхонасида  бош директор вазифасида ишлади.

Нўъмон Маҳмудов маданиятимиз ва маърифатимиз ривожига катта ҳисса қўшди. Аммо унинг энг масъулиятли лаҳзада ягона тўғри қарор қабул қилганлиги, қўрқмасдан вилоят ҳокимининг ноқонуний қарорига қарши чиққанлиги жасорат намунаси бўлиб қолади. У кўп ўтмай эгаллаб турган лавозимидан кетишга мажбур бўлганлигига қарамай, ўз номини сақлаб қолди. Аниқроғи, ўз номи билан бирга Садриддин Айний уй-музейини ҳам сақлаб қолди.

2009 йилнинг 26 августида Самарқанд вилоятининг ўша вақтдаги ҳокими Маҳмудовга Садриддин Айний уй-музейидан барча экспонатларни олиб чиқиб кетишни буюради ва музей бузилишини айтади. Маҳмудов бунга жавобан бундай буйруқни бажаролмаслигини таъкидлайди. Тезлик билан бундай ноқонуний нохуш хабар зиёлилир орасида тарқалади ва ҳукуматгача етиб боради. Музей биноси сақланиб қолинади.

Энди қискача Нўъмон Маҳмудовнинг ҳаёт йўли ҳақида сўз юритсак. У 1949 йилнинг 5 майида Самарқанд шаҳридаги Мулло Қаландар маҳалласида зиёли оиласида таваллуд топди. 1966 йилда Садриддин Айний номидаги 22- ўрта мактабни олтин медаль билан битириб, Самарқанд давлат университетининг тарих факультетига ўқишга кирди. У 20 йил давомида турли вазифаларда, жумладан раҳбарлик лавозимларда ишлайди.

1993 йилнинг сентябридан Н.Маҳмудов  Самарқанд давлат бирлашгн тарихий-меъморчилик ва бадиий музей-қўриқхонасида  бош директор вазифасида  ўз фаолиятини бошлайди.  У музей-қўриқхонада ишга келган пайтда ушбу муассаса олдида катта муаммоларни  ечиш, молиявий аҳволни яхшилаш ва бошқа ташкилий масалаларни ҳал этиш вазифалари турар эди.  Чунки шўро тузумини барҳам топиши билан кўпгина музей экспозициялари ҳали эски тизим ғоялари асосида тузилганлигича қолиб кетган эди. Бундан ташқари, мустақилликдан сўнг маданий меросимизга бўлган муносабат тубдан ўзгарганлиги боис уни миллий ғоямизга мос равишда талқин этишдек масъулиятли вазифа турар эди.

Ўша вақтда Ўзбекистон маданияти тарихи давлат музейининг катта майдони фойдаланмасдан бўш ётарди. Н.Маҳмудов ташаббус кўрсатиб, бинонинг бўш майдонида мамлакатимиз маданияти тарихи билан боғлиқ кўргазмалар ташкил этилди.

Н.Маҳмудовнинг  бевосита раҳбарлигида Самарқандда 1995 йилда таниқли тожик ёзувчиси Фотеҳ Ниёзий яшаган Ўзбекистон кўчасидаги уйда унинг уй-музейи, 1996 йилда Алишер Навоий музейи, 1998 йилда Саидризо Ализода уй-музейи ташкил этилди. 1998 йилда Садриддин Айний уй-музейи қайта таъмирланиб, янги экспозиция ташкил этилди. Бундан ташқари, вилоятдаги музей-қўриқхона тизимидаги музейлар экспозициялари  қайтадан янги даврга мослаштириб яратилди. Уинг раҳбарлик даврида  музей-қўриқхона  фаолиятида  кўргазмалар ташкил этиш янгича тус олди ва фаоллашди.  1999-2009 йиллар давомида  турли мавзуларда  республикамизда ва хорижий давлатларда 200дан зиёд кўргазма ташкил этилди. Бунга 1998 йилда Францияинг Лион шаҳрида,  1999 йилда АҚШнинг Пенсильвания штатида, 2000 йилда Германиянинг Ганновер шаҳрида ўтказилган кўргазмалар мисол бўла олади.  

Ҳар бир объект ҳақида маълумот берувчи буклет, йўлкўрсаткич, каталог, тақвимлар нашр этиш ишлари йўлга қўйилди ва бу нашрларда Н.Маҳмудов бевосита муаллиф сифатида ҳам иштирок этди.

Самарқанд музей-қўриқхонасида тўпланган  илғор тажрибаларни  бутун республика  музейларида қўллаш мақсадида музей-қўриқхона базасида хорижий мутахассислар иштирокида халқаро ва республика миқёсидаги илмий анжуманлар, семинарлар ташкил қилинди. “Ўзбекистон музейлари янги иқтисодий муҳитда” (2000 йил), “Музей ишларида ахборот технологиясидан фойдаланиш” (2003),  “Музей педагогикаси” (2007), “Музейларни бошқариш” (2009) мавзуларида ташкил этилган халкаро тадбирлар шулар жумласидандир.

Н.Маҳмудов доимо мозийга қараб иш кўришга ҳаракат қилиб келди, ўтмишда ўтган алломалардан илҳомланди, куч-қувват олди. Шу боис у тарихда улкан из қолдирган шоир, ёзувчи, олимлар ҳаёти ва ижодини ўрганди, мақолалар тайёрлади ва маҳаллий нашрларда, тўпламларда эълон қилиб, бошқаларни ҳам улар билан таништирди.

Биз юбилей баҳона дўстимизнинг пурмазмун ва серқирра ҳаётидан айрим лавҳаларни тилга олиб ўтдик. Уни таниган ва билган ёру биродарлари номидан дўстимизга узоқ умр, оилавий бахт ва ижод завқидан доимо баҳраманд бўлиб юришини тилаб қоламиз.  


Тошпўлат РАҲМАТУЛЛАЕВ

Комментариев нет:

Отправить комментарий